CV ва портфолио

Тажрибангизни халқаро мактабга қандай тақдим этасиз?

Сиз балки кучли мутахассисдирсиз, аммо CV'ингиз буни кўрсата олмаса, иш берувчи уни қаердан билиши мумкин?

Сиз билан учрашишдан аввал, CV'ингиз сиз ҳақингизда сўзлайди. У шунчаки иш тажрибангизни эмас, ютуқларингиз, касбий салоҳиятингиз ва мактабга қандай ҳисса қўша олишингизни кўрсатиши керак.

Тўғри, ҳатто кучли CV ҳам ишга қабул қилинишни кафолатламайди, аммо суҳбатга таклиф этилиш имкониятингизни оширади.

Қимматли тажрибангизни муносиб тарзда намойиш этинг.

CV таркиби

CV да нималар бўлиши керак?

Халқаро миқёсда иш излаётган бўлсангиз, CV ни инглиз тилида ва мантиқан тушунарли кўринишда тақдим этиш керак. Одатда CV таркибига қуйидагилар киради:

01

Контакт учун маълумотлар

Исм шарифингиз, яшаш жойингиз, электрон почта, телефон ва малакангизни акс эттирувчи ҳаволалар.

02

Таълим ва малака

Маълумот, педагогик малака, лицензиялар ва касбий сертификатлар.

03

Иш тажрибаси

Қайси мактабларда ишлагансиз, лавозимлар, фанлар, ўқувчилар ёши, ўқув дастурлари ва сизга берилган асосий масъулиятлар.

04

Касбий ютуқлар

Иш берувчи учун сизнинг ким бўлиб ишлаганингиздан ташқари, сиз эришган натижалар ҳам муҳим: қандай лойиҳалар қилгансиз, тадбирлар, имтиҳонлар ва конкурслар ўтказгансиз, дастурлар тайёрлагансиз, ёки гуруҳларга етакчилик қилгансиз...

05

Қўшимча ютуқлар

Мактаб учун фойдали бўлган қўшимча маълумотлар: тиллар, технологиялар, дарсдан ташқари фаолият ва сиз қила оладиган бошқа ҳунарлар.

Тажрибани қандай таърифлаш керак?

CV — таржимаи ҳол эмас

Ҳар бир лавозимни батафсил тасвирлаш ва ёки оддий ўқитувчи бажарадиган барча вазифаларни санаб ўтиш шарт эмас.

Эътибор беринг:

«Дарс ўтдим, режалар туздим, дафтарларни текширдим, ўқувчиларни баҳоладим ва ота-оналар билан мулоқот қилдим...» каби гаплар — умумий гаплар.

  • Дарс бердим
  • Режалаштирдим
  • Баҳоладим
  • Текширдим
  • Мулоқот қилдим

Умумий гаплар

Ундан кўра тажрибаларингизни ва қандай ишлар учун жавобгар бўлганингизни кўрсатинг:

«7-синф ўқувчилари учун янги дастур ишлаб чиқдим, мактаб ансамблини бошқардим ва ўқувчиларни олимпиадага тайёрладим...»

  • Ишлаб чиқдим
  • Бошқардим
  • Тайёрладим
  • Ташкил этдим
  • Мукаммаллаштирдим

Аниқ ва ишончли

CV сизнинг фақат қаерда ишлаганингизни эмас, балки қандай ютуқларга эришганингизни ҳам намойиш этиши керак.

Портфолио

Teacher Portfolio: нима у?

Портфолио — сизнинг CV ингизни тўлдирадиган, қилган ишларингизни тасдиқлайдиган ҳужжат. Агар эришган ютуқларингизни айтибгина қолмай, кўрсатишни ҳам истасангиз, портфолиога алоҳида эътибор беринг. Унга қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • Ўқув лойиҳалари намуналари

    Лойиҳанинг мақсади ва натижасининг қисқа тавсифи — фотолар ёки ўқувчилар қилган ишлар билан намойиш этилади. Бу ерда сиз бажарган вазифалар ва ўқувчиларнинг эришган ютуқлари кўрсатилиши керак.

  • Тадбирлардан сурат ва материаллар

    Сиз ташкил этган ёки қатнашган концерт, кўргазма, танлов ва байрамлар. Бир нечта фото ва қўшган ҳиссангиз ҳақида икки оғиз изоҳ ёзинг.

  • Режалаштириш намуналари

    Таълимни қандай тузишингизни кўрсатадиган дарс режаси. Унда мақсадлар, дифференциал ёндашув ва баҳолаш усулларини намойиш этсангиз яхши бўлади.

  • Ўқувчиларнинг ютуқлари

    Имтиҳон натижалари, танловларда қўлга киритилган ғалабалар ва ўқувчилар эришган ютуқлар. Рақамлар ва аниқ мисоллар умумий сўзлардан ишончлироқ.

  • Сертификатлар ва малака ошириш

    Малака ошириш курслари, тренинг ва сертификатлар. Халқаро мактаб учун энг кераклиларини танланг.

  • Extracurricular activities

    Бунга тўгараклар, спорт секциялари ва дарсдан ташқари бўлган бошқа машғулотлар киради. Сиз ҳам бундай машғулотлар ўтказа оласизми? Қандай тўгаракларни олиб бора оласиз? Бу ҳақда ўйлаб кўринг.

  • Сиз бошқарган лойиҳалар

    Ҳамкасблар ёки ўқувчилар гуруҳини бошқарганмисиз? Бирорта ғоядан то натижагача босиб ўтган йўл ҳақида ҳикоя қилинг. Бу сизда етакчилик қобилияти борлигини, ишни охиригача етказишингизни кўрсатади.

  • Ўзингиз яратган ўқув материаллари намуналари

    Ўзингиз ишлаб чиққан иш варақлари, тақдимот ва қўлланмалар сизнинг дарсга бўлган муносабатингизни ҳар қандай таърифдан кўра яхшироқ намойиш этади.

CV ни юборишдан олдин текширинг

  1. Қандай мутахассис эканингиз бир қарашдан тушунарлими?
  2. Таълимингиз ва малакангиз кўринарли жойдами?
  3. Фақат лавозим эмас, ютуқларингиз ҳам айтилганми?
  4. Охирги иш жойларингиз аниқ кўрсатилганми?
  5. Кераксиз маълумотлар ё имло хатолари йўқми?
  6. CV сиз мўлжаллаган вакансияга мосми?
  7. Контакт маълумотларингиз тўғрими?

Энг муҳими — сон эмас, сифат

Портфолионгиз катта кўриниши учун ўнлаб саҳифа ҳужжат ва суратлар қўйманг.

Мактаб вакилларининг ариза кўриш вақти чегараланган. Баъзида бир ўринга юздан ортиқ аризалар келиб тушиши мумкин. Ортиқча материаллар уларни чарчатади ва портфолионгизга бўлган қизиқишини сўндириши мумкин.

Ҳар бир материал ўринли ва мазмунли бўлиб, сизнинг қандай мутахассис эканлигингизни яққол кўрсата олиши керак.